Бердимуҳамедов "вафот этгани"га оид хабарлардан кейин илк бор ТВда кўриниш берди

Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов тўққиз кунлик танаффусдан кейин илк бор давлат телевидениеси телекамералари қаршисида пайдо бўлди, дея хабар қилади “Хроники Туркменистана” нашри.

TDH давлат ахборот агентлигининг хабар қилишича, 15 июлда бошланган меҳнат таътилига қарамай, Бердимуҳамедов “ўз вақтидан имкон қадар самарали фойдаланиш тамойилига содиқлигини намойиш этмоқда”. Айтилишича, президент қатор қурилиш лойиҳаларини тасдиқлаган.

Бу Бердимуҳамедовнинг ўз “вафот”ига оид хабарлардан кейин илк бор кўриниш беришидир.

Аввалроқ YouTube тармоғидаги “Эркин Туркманистон” мухолифатчи канали Ашхободдаги ўз мухбирлари сўзларига таянган ҳолда давлат раҳбари 20 июль куни буйрак фаолиятидаги етишмовчилик туфайли вафот этгани ҳақида хабар тарқатган. Бу хабар тез орада туркманистонлик дипломатлар томонидан рад этилган.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати 24 июль куни Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотда бўлгани ҳақида маълумот тарқатган.