Қирғизистон ва Тожикистон президентлари чегара масаласини Исфара ва Иссиқкўлда муҳокама қилишади

Сўўрўнбай Жээнбеков (ч) ва Имомали Раҳмон (ў).

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон таклифига биноан 26 июль куни Исфара шаҳрига қисқа муддатли амалий ташриф билан боради.

Президент аппаратининг ташқи сиёсат бўлими мудири Данияр Сидиқовга кўра, музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шу жумладан, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари муҳокама қилинади. Қирғизистон ва Тожикистон халқларининг яхши қўшничилиги ва дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган чегарадош вилоятлар ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига ҳам урғу берилади.

Сидиқовнинг айтишича, музокараларнинг иккинчи босқичи Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтади, унда Исфарадаги учрашувга якун ясалади.

Аввал хабар қилинганидек, 22 июль оқшомида Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух анклави чегарасида икки мамлакат ваташдошлари ўртасида тўқнашув содир бўлган.

Ҳодиса чоғида 17 нафар қирғизистонлик яраланган, Тожикистон томонидан эса 1 киши ҳалок бўлган, 5 киши тан жароҳати олган.

25 июль куни икки мамлакат бош вазир ўринбосарларининг Боткендаги музокаралари ортидан Исфара-Ворух ва Ўш-Исфана йўлларида ҳаракат тикланган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 километрни ташкил этади. Чегаранинг 519 километри бўйича келишувга эришилган. Баҳсли участкалар асосан Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров ва Исфара туманлари ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лайлак ва Боткен туманлари чегараларидаги ҳудудларда жойлашган.