Афғонистонлик фаол: Тинчлик музокараларида аёллар ҳам қатнашиши керак

Лоя Жирға мажлисида қатнашаётган афғонистонлик аёллар.Кобул, 2019, 29 апрель.

Аёллар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган фаол Жамила Афғоний мамлакатидаги аёллар улар ҳаётига таъсир кўрсатадиган қарорлар чиқарилишида қатнашиши кераклигини, Толибон билан ўтказиладиган музокараларда уларнинг хавотирлари эътиборга олиниши кераклигини айтди.

26 июль куни БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари олдида видеолинк орқали сўзлаган Афғоний:

- Афғонистон аёллари уларга таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилинишида қатнаша олиши керак, - деди.

Фаол тинчлик музокараларида афғонистонлик аёллар қатнашиши зарур, жумладан, уларга модератор ҳамда диний етакчи роллари берилиши керак, деган фикрни билдирди.

АҚШ Толибон жангари гуруҳини Қобулдаги ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришга ундаб келади. Аммо жангари гуруҳ Афғонистон ҳукуматини “АҚШнинг қўғирчоғи” ҳисоблаган ҳолда, ҳукумат вакиллари билан учрашишдан бош тортиб келади.

Жорий йилда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Қатарда Толибон вакиллари билан бир неча раунд музокара ўтказди.