Камбожада мусулмонларни геноцид қилганликда айбланган ҳарбий жиноятчи ўлди

Ҳарбий жиноятчи Нуон Чеа.

Камбожада «қизил кхмерлар» режими иерархиясида «иккинчи биродар» ҳисобланган ҳарбий жиноятчи Нуон Чеа 4 август куни 93 ёшида вафот этди. У Баттамбанг вилоятидаги қамоқхонасида жон берди.

AFP агентлиги эса суд тизимидаги манбасига таянган ҳолда Нуон Чеа Кхмер-Совет дўстлиги касалхонасида ўлганини хабар қилди. Ўлим сабаблари айтилмади.

Нуон Чеа Камбожада этник озчиликлар, асосан мусулмон чамларни геноцид қилганликда айбланиб, БМТ Халқаро суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган икки шахсдан бири эди. Нуон Чеа «қизил кхмерлар» режими иерархиясидаги «биринчи биродар» Пол Потдан кейинги иккинчи одам бўлган.

Коммунистик партия раиси ва ҳукумат раҳбари бўлган Пол Пот 1975 йилда асос солган ва 1979 йилгача давом этган «қизил кхмерлар» режими пайтида икки миллионга яқин аҳоли ҳалок бўлган. Мутахассислар уч миллион одам қийноқлар ортидан ўлгани ва қатл қилинганини айтиб келадилар.

2018 йилда «қизил кхмерлар» режими расман геноцидда айбдор деб топилди. Нуон Чеа шундан сўнг умрбод қамоққа ҳукм қилинган эди. У ўзига билдирилган айбловларни тан олган эмас.