Кобулда Толибон амалга оширган ҳужум қурбонлари сони 18 нафарга етди

Маҳаллий полиция ҳужум амалга оширилган жойни қуршаб олди. 2019, 7 август.

7 август куни Толибон Кобулда полиция маҳкамасига бомба ўрнатилган автомобиль билан қилган ҳужумда камида 18 киши ҳалок бўлди, 145 одам жароҳат олди. Бу ҳақда Афғонистон расмийлари маълум қилди.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон жангари гуруҳи ўз бўйнига олди.

Гуруҳ эълон қилган билдирувда “Кўп сонли аскар ва полиция ходими ҳалок бўлди ёки жароҳат олди”, дейилади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Насрат Раҳимий портлаш бомба ўрнатилган автомобиль текширув пунктида тўхтатилганида содир бўлганини айтди. Гувоҳлар портлаш ортидан отишма овози эшитилганини билдирди.

Жорий йилда Толибон ва АҚШ ўртасида мунтазам музокара олиб борилаётган бўлса-да, мамлакатда зўравонлик давом этмоқда.