Трамп Франция президенти Макронни Эрон масаласида танқид қилди

Франция президенти Эммануэль Макрон ва АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Франция президенти Эммануэль Макронни Вашингтон билан музокара ўтказиш масаласида Эронга “турли хил сигнал юборишда” айблади.

8 август куни АҚШ президенти Twitter платформасида: “Эрон жиддий молиявий қийинчиликларга йўлиққан. Улар АҚШ билан музокара олиб боришга жон деб турибди, аммо эронликлар бизнинг номимиздан сўзлаётганлар, жумладан, Франция президенти Макрондан турли хил сигнал олмоқда. Бошқаларники каби Эммануэлнинг нияти яхши эканлигини биламан, аммо АҚШ номидан АҚШнинг ўзидан бошқа ҳеч ким сўзламайди” деб ёзди.

Трамп 2015 йилда Вашингтон Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда. Санкциялар туфайли Эрон иқтисоди жиддий муаммоларга дучор бўлди. Трамп Эрон билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини изҳор қилган, аммо Теҳрон музокара бошлашдан аввал санкциялар бекор қилинишини талаб қилиб келади.

АҚШ билан бир қаторда 2015 йилги келишувни имзолаган Франция, Британия, Германия, Россия ва Хитой Вашингтонни келишувдан чиқмасликка ундади, аммо Трамп ўз фикридан қайтмади.

Трамп Макрон ҳақидаги твити билан айнан нимани назарда тутгани ҳозирча номаълум. Жорий ҳафтада Макрон Эрон президенти Ҳасан Руҳонийни Трамп билан учрашиш учун “Катта еттиталик” саммитига чақиргани ҳақида хабар тарқалган эди.

Аммо Франция дипломати бу хабарни рад этиб, энг муҳими “Эроннинг ядровий дастур бўйича ўз мажбуриятларига амал қилишидир”, деди.