Ҳонконгда икки ой аввал бошланган намойишлар давом этмоқда

Ҳонконг аэропортидаги норозилар.

Ҳонконг халқаро аэропорти минглаб норозилар қамали остида қолгани ортидан 12 август куни барча парвозларни бекор қилди.

Аввалроқ норозилар ва полиция ўртасида метрода тўқнашув содир бўлган эди. Норозилар полицияни тошбўрон қилган. Полиция эса норозиларга нисбатан резина ўқларни, кўздан ёш сиздирувчи газ ва тўқмоқларни қўллади.

Хитой ҳукумати Ҳонконгдаги норозиликларни кескин қораламоқда. Хитой намойишда қатнашаётган ходимларни ишдан бўшатилишини талаб қилиб, Ҳонконг ширкатларига босим кўрсатишни бошлади.

-Бундай зўравонликларга қонун асосида шафқатсиз репрессия билан жавоб қайтарилиши лозим. Биз Ҳонконг полициясининг қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз,-деди Ҳонконг ишлари бўйича Хитой ҳукумати мутасаддиси Ян Гуан.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши намойишлар 9 июнда бошланган ва шу кунгача тўхтамаяпти.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Пекиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.