Росатомнинг синов пайтида ҳалок бўлган ходимлари дафн этилди

Суюқ радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва сақлашга ихтисослашган "Серебрянка" теплоходи.

Россиянинг Саров шаҳрида Росатом корпорациясининг Архангельск вилоятида ўтказилган синов пайтида ҳалок бўлган беш нафар ходимини дафн қилиш маросими бўлиб ўтди. Шаҳарда 11-12 август мотам кунлари бўлди. Ҳалок бўлганлар давлат мукофотларига тақдим этилиши айтилди.

Росатом ҳодимлари Оқ денгизда “махсус ускунани синаётган” пайтларида портлаш оқибатида ҳалок бўлган. Росатом расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар бу каби ускуналарни синаш бўйича катта тажрибага эга эдилар.

Архангельск вилоятидаги портлаш ҳақида 8 август куни хабар берилган. Росатомнинг билдиришича, синов пайтида радиоактив изотопий ёнилғисида ишловчи двигателга эга бўлган ракета портлаб кетган.

Ғарб матбуоти Оқ денгизнинг тажриба ўтказилган ҳудудида суюқ радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва сақлашга ихтисослашган "Серебрянка" теплоходи кузатилганини ёзмоқдалар. Оқ денгиз ҳудуди кемалар учун икки ойга ёпилди.

Ўтган йили Россия матбуоти Сровдаги ядровий марказ қитъалараро чексиз масофага учувчи “Буревестник” ракетаси устида иш олиб бораётганини билдирган эди.

Матбуотнинг АҚШ разведкасига таянган ҳолда хабар беришича, мазкур ракета синовларидан фақат биттаси муваффақиятли якунланган.