Ҳибсдаги собиқ президент Атамбаевнинг хотини устидан жиноят иши очилди

Раиса Атамбаева

Қирғизистон президенти аппаратининг Суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими собиқ мудири Манас Арабаевнинг иши доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг турмуш ўртоғи Раиса Атамбаевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу хақда Атамбаеванинг ўзи журналистларга маълум қилди.

"Ҳозиргина Арабаевнинг иши доирасида бугундан бошлаб менга нисбатан жиноят иши очилаётганини билдим. Шуни айтаманки, мен ҳеч қачон судьялар ишига аралашмаганман, мен сиёсат ифлос иш эканлигини биламан, шу сабабли ҳам унга аралашмасликка ҳаракат қилганман. Мен ҳатто бирорта судьяни ҳам танимайман" деди Атамбаева.

Бу маълумотни Қирғизистон бош прокуратураси тасдиқлади.

Раиса Атамбаеванинг фикрича, оиласи ва собиқ президентнинг тарафдорларига нисбатан «оммавий таъқиблар олиб борилмоқда». Бу ҳақда у журналистларга Алмазбек Атамбаевга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш мақсадида кўчма суд мажлиси ўтаётган МХДҚ биноси олдида баёнот берди.

«Алмазбек Шаршеновичнинг катта ўғли- Сейитбек Атамбаев шафқатсизларча калтакланди. У гипс ва ҳассада бўлишига қарамай ҳар куни сўроқ учун МХДҚга олиб борилмоқда. Атамбаевнинг жиянига нисбатан иккита жиноят иши очилди. Катта ўғли қайнотасининг уйида тинтув ўтказилди, милиционерлар бирор бир огоҳлантиришсиз уйга бостириб киришди ва уйнинг ағдар-тўнтар қилиб ташлашди» деди Раиса Атамбаева.

Собиқ биринчи хоним президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат қилиб, оиласини таъқиб қилиниши тўхтатилишини сўради, ҳамда “аввалги ҳукмдорлар ўзларининг рақибларининг хотинлари ва болаларини таъқиб қилмаганини” таъкидлаб ўтди.

Манас Арабаев 2 июнь куни ушланган, унга нисбатан «Коррупция» моддаси бўйича жиноят иши очилган. МХДҚ маълумотига кўра, у айрим жиноий гуруҳлар манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда, хорижий инвесторларга тегишли обьектларни зўравонлик билан эгаллаб олишда гумонланмоқда.