Афғонистон президенти Ашраф Ғани Кобулдаги тўйхонага қилинган ҳужумни кескин қоралади. Президент хавфсизлик юзасидан қўшимча чораларни кўришга бағишланган йиғилишда:
-Тўйлар, мактаблар, масжидлар, бозорлар ва жамоат жойларининг нишонга олиниши террор гуруҳларининг ваҳшийлигидан, бегуноҳ одамларни ўлдиришдан қўрқмаслигидан дарак беради. Толибон мазкур ҳужумлар учун ўз зиммасидан масъулиятни соқит қила олмайди, чунки Толибон террорчилар учун платформани яратиб бермоқда,-деб айтди.
17 август куни кечқурун Кобулдаги тўйхонада содир этилган худкуш ҳужум оқибатида 63 киши қурбон бўлган ва 182 киши яраланган эди.
Толибон бу ҳужумга алоқаси йўқлигини эълон қилган. Бироқ Ашраф Ғани Толибонни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади.
Айрим хабарларда айтилишича, ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси ўз зиммасига олган.
Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган террор бўлди.