Эрон ташқи ишлар вазири кутилмаганда Францияга келди. Музокаралар "позитив" бўлгани айтилди

Эрон ташқи ишлар вазири Франция вакиллари билан музокара чоғида.

Франция ҳукумати 25 август куни G7 саммити кулуарида Эрон ташқи ишлар вазири билан ўтказилган музокаралар “позитив” бўлганини билдирди.

Уч кунлик саммит Франциянинг Биарриц соҳилбўйи шаҳрида ўтказилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф якшанба куни кутилмаганда бу ерга келган. Европа Иттифоқи Эрон билан 2015 йилда тузилган ядровий шартномани сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Франция президенти Эммануил Макрон ва ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан иштирокида ўтган музокаралар ҳақида гапирган ҳукумат расмийси “Музокаралар позитив характерга эга ва давом эттирилади”, деб айтди. Унга кўра, музокараларда Германия ва Британия вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Франция ҳукумати “Жавод Зариф АҚШ билан келишилган ҳолда таклиф этилди”, деб билдирди. Аммо Оқ Уйнинг исми айтилмаётган расмийси матбуотга “Дональд Трамп Жавод Зариф таклиф қилингани ва Франция вакиллари билан музокара ўтказиши ҳақида огоҳлантирилмаган”, деб айтди.

2015 йили Эрон ядровий дастури борасида эришилган келишувда тинч мақсадда фойдаланиш учун бойитиладиган уран миқдорига чеклов қўйилган эди.

2018 йили олти томонлама келишувдан чиққанини эълон қилган АҚШ президенти¸ Эронга нисбатан иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди.

Бунга жавобан жорий йилнинг 8 май куни Теҳрон мазкур келишув шартларига бундан сўнг амал қилмаслиги¸ хусусан¸ уранни бойитиш миқдорини кўпайтиришини билдирган.