Қирғиз-тожик чегарасида можарога сабаб бўлган қурилиш тўхтатилди

Қирғиз-тожик чегарасида можарога сабаб бўлган қурилиш ишлари бир ҳафтага тўхтатилди. Бу ҳақда Азаттиқ радиосига Боткен вилоят Лайлак туманидаги Жани-Жер айил (овул) ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Ақжол Абдуллаев маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, айни дамда вазият барқарор, одамлар тўпланмаяпти. Жароҳат олган милиция ходими Қулунду қишлоғидаги шифохонага ётқизилди, унинг аҳволи барқарор.

25 август куни Лайлак туман акими (ҳокими) Баймурат Бекмуратов Тожикистоннинг Ғафуров туман раҳбари Зариф Назирий билан учрашди, томонлар чегара ҳудудларида қурилиш ишларини тўхтатиб туришга келишиб олдилар. Улар Боткен ва Сўғд вилоят раҳбарларига мактуб йўллаб қурилиш масаласини ҳал қилиб беришларни сўрашди.

Боткен вилоятининг Тожикистон билан чегарасида 24 август куни бир вақтнинг ўзида иккита можаро юз берди, бунинг оқибатида Қирғизистоннинг икки фуқароси жароҳат олди.