Туркманистонда банкомат олдида навбат кутаётганлар қўлга олинмоқда

Туркманистонда банкоматдан пул ечиб олиш учун навбатда турган одамлар.

Туркманистоннинг Лебоп вилоятида полиция пул ечиб олиш илинжида банкоматлар олдида навбатда турган одамларни қўлга олмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларининг хабар беришларича, қўлга олинганлар банкомат олдида навбатга турмасликлари кераклиги тўғрисида огоҳлантирилганларидан сўнг қўйиб юборилмоқда.

Маҳаллий давлат ташкилотлари ва бошқа корхона-муассасаларда ҳам раҳбарлар ишчи-ходимлар билан банкоматлар олдида навбатга турмаслик тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов 19 августда ўтган йиғилишлардан бирида банкомат олдида навбатда турганларни танқид қилгани ортидан қўлга олишлар бошланган. Бердимуҳаммедов «банкоматлар орқали операциялар суст назорат қилинаётгани» учун Марказий банк раҳбари Мердан Аннадурдиевга ҳайфсан берган.

Туркманистонда ойликлар, стипендиялар, пенсиялар ва бошқа тўловлар фақат пластик карта орқали амалга оиширилади. Туркманистон фуқароларига карталаридан кунига 200 манат, яъни 57 доллар миқдорида пул ечиб олишга рухсат берилган.

Сўнгги пайтларда нақд пул етишмовчилиги сабаб, одамлар ярим тундан бошлаб банкоматлар олдида узундан-узоқ навбатга турмоқдалар, чунки банкоматлардаги пул тезда тугаб қолмоқда.