Трамп Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари қолишини билдирди

Президент Дональд Трамп.

Президент Дональд Трамп Толибон билан тинчлик битимига эришилганидан сўнг ҳам Қўшма Штатлар Афғонистонда ўз ҳарбийларини сақлаб туриши лозим, деб билдирди.

29 август куни Fox News радиосига интервью берган Трамп, Афғонистонда 8600 нафар ҳарбий қолдирилишини айтди. Айни пайтда Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони 14 минг нафарни ташкил этади.

“Биз ҳозирликни сақлаб қолишимиз шарт. Ҳарбийларимиз сонини озайтирамиз, бироқ Афғонистонда ҳар доим ҳозирликда бўламиз”, деди Трамп.

Аввалроқ АҚШ расмийлари ҳамда Толибон вакиллари бир неча ой давом этган музокаралар ортидан келишувга эришиши кутилаётгани хабар қилинган эди.

Келишув шартларига биноан, АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлайди. Толибон эса мамлакатда экстремистик гуруҳларга бошпана бермасликни ваъда қилади.