Яманда бомбардимон оқибатида камида юз одам ҳалок бўлди

Яманнинг Дхамар шаҳрига қилинган ҳужум оқибатлари.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция Ямандаги ҳутий шиа исёнчилари манзилларини бомбардимон қилгани оқибатида камида юз киши ўлганини маълум қилди.

Қўмита хабарида билдирилишича, 1 сентябрда Дхамар шаҳрига қилинган ҳужум пайтида яраланганлардан 40 нафари касалхоналарга ётқизилди.

Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Ямандаги делегацияси раҳбари Франц Раухенштайн вайроналар остида яна одамлар қолаётгани ва уларни қутқариш ишлари олиб борилаётганини айтди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳутий шиа исёнчилари Саудия Арабистон қўллаётган сунийлардан иборат ҳукуматга қарши 2015 йилдан бери урушиб келмоқда.

Саудия Арабистон ҳутий исёнчилари манзилларига “халқаро гуманитар ҳуқуқ” доирасидан чиқмаган ҳолда ҳужум қилганини таъкидламоқда.