Туркманистон ҳукумати Россияга кўчиб ўтмоқчи бўлганларга тўсқинлик қилмоқда

Ашхабоддаги Россия элчихонаси олдидаги навбат.

Туркманистон ҳукумати ўз фуқароларига Россияга кўчиб ўтиш дастуридан фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Маълумотда айтилишича, Россия элчихонаси сайтида Туркманистон фуқаролари Россияга кўчиб ўтиш дастуридан фойдаланиши мумкинлиги билдирилган. Бу дастурдан аввалари асосан Туркманистонннинг русий забон аҳолиси фойдланган бўлса, бугунги кунда туркманлар ҳам Россияга кўчиб ўтиш истагини билдирмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирининг хабар беришича, давлат органлари Россияга кўчиб ўтмоқчи бўлган туркманларга керакли ҳужжатларни расмийлаштиришни пайсалга солмоқда ёки мутлақо рад жавобини беришмоқда. Бунинг оқибатида Россия элчихонаси олдида узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлаётир.

Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ бўлган давлатлардан бири ҳисобланади. Хабарларга қараганда, Туркманистон ҳукумати ёши қирққа етмаган одамларни мамлакатдан чиқармаяпти. Бироқ Ашхабод бу хабарларни инкор этмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, сўнгги 10 йилда мамлакатни 1 миллион 879 минг одам тарк этган. Улар асосан Россия ва Туркияга кетганлар.