Путин ва Макрон мулоқоти ортидан икки мамлакат ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари учрашади

Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэль  Макрон билан.

Россия президенти Владимир Путин 8 сентябрь куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатлашиб, Украина шарқидаги можарони ҳамда Эрон ядровий дастури бўйича имзоланган келишувни муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль расмий сайтида маълум қилинди.

9 сентябрь куни эса, икки давлат ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари Москвада учрашади. ТАСС агентлигининг хабар беришича, учрашув давомида Форс кўрфазидаги, жумладан, Эрондаги ҳодисалар ҳамда Украина ва Марказий Африка Республикасидаги вазият муҳокама қилинади. Франция қуролли кучлари вазири Флоранс Парли икки тараф “очиқчасига“ суҳбатлашишини айтди.

- Россия ва Франция умумий манфаатларга эга бўлган кўплаб геостратегик масалалар бор. Табиийки, айрим масалалар бўйича қарашларимиз зид, аммо айнан шу нарса ўзаро диалогни мустаҳкамлашга чорлайди, - деди Парли.

Парли Москвада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашади.

Ле Дриан Москвага сафари олдидан берган интервьюсида Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ва Қримни аннексия қилиб олгани учун Европа Иттифоқи жорий қилган санкцияларни бекор қилишга ҳали эрта эканлигини айтди.