Бош вазир Бинямин Нетаньяху бир ҳафтадан кейин ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, Исроил Иордания билан чегарадош ҳудудда босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилмоқчи. Нетаньяху Иордан дарёси соҳили ва Ўлик денгизнинг шимолий соҳилида Исроил суверенитетини ўрнатишга ваъда бермоқда.
Нетаняху билан ҳамкорликда коалицион ҳукумат тузадиган ўнгчи партиялар бу қарорни қўллаб-қувватлашлари кутилмоқда. Айни пайтда Бош вазир мухолифатдаги фаластинликларнинг қаттиқ қаршилигига дучор бўлади.
Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.
Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.
АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.