Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари чегарадаги вазиятни муҳокама қилди

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрда учрашди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрь куни икки давлат ўртасидаги “Қизил Бел” чегара назорат-ўтказиш пунктида учрашди ва 16 сентябрь кунги отишмадан сўнг юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

Бош вазирлар Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида келажакда бундай низоларнинг олдини олиш учун чегараларни аниқлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари томонлар чегара масаласида икки давлат ўртасида имзоланган шартномаларга амал қилиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини ўтказиш мажбуриятини олдилар.

17 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари бир-бирларига норозилик ноталарини топширган эдилар.

16 сентябрь куни кечқурун Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Бобожон Ғофур тумани чегарасида икки ярим соат отишма бўлган эди.

Отишма оқибатида Тожикистоннинг уч нафар, Қирғизистоннинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. 12 нафар тожикистонлик ва 13 нафар қирғизистонлик яраланган. Томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.