АҚШ Конгресси Трамп ва Путин музокаролари очиқланишини истамоқда

АҚШ Конгресси Намояндалар палатасининг разведка қўмитаси раиси Адам Шифф.

АҚШ Конгресси президент Дональд Трампнинг хорижий етакчилар, жумладан Россия президенти Владимир Путин билан телефон сўзлашувлари стенограммасини қўлга киритишга уринмоқда. Бу ҳақда NBC телеканалига АҚШ Конгресси Намояндалар палатасининг разведка қўмитаси раиси Адам Шифф маълум қилди.

"Менинг фикримча, биринчи навбатда АҚШ миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш керак ва бошқа мамлакатлар етакчилари, жумладан Владимир Путин билан суҳбатда Трамп бизнинг мамлакатимиз хавфсизлигига раҳна солмадимикан, деган саволга жавоб топиш керак", - деди Шифф.

Адам Шифф қўмитаси махсус хизмат ходимининг шикоятини кўриб чиқмоқда, ходимнинг фикрича, июль ойида бўлиб ўтган телефон суҳбатида Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийдан АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден ва унинг ўғли Хантер Байденга нисбатан тергов олиб борилишини сўраган.

Жо Байден – 2020 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловида Трампнинг асосий рақибларидан бири бўлиши мумкин. Конгресснинг қуйи палатаси Трампга нисбатан импичмент жараёнини бошлади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 27 сентябрь куни Трамп учун Путин билан суҳбат стенограммасини эълон қилиш “нотўғри” бўлишини айтди.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова Трампнинг Зеленский билан суҳбатидан сўнг "Вашингтонга қўнғироқ қилиб музокоралар олиб бориш хавфли эканини" айтди.

Бундан аввал Америка ОАВ АҚШ маъмурияти ўз ходимларига АҚШ президенти Доналдьд Трампнинг Россия президенти Владимир Путин, шунингдек Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Мухаммад бен Сальман билан телефон суҳбатлари ёзувларини олишда чекловлар жорий қилганини маълум қилган эди.