Австралияда уйғурлар Хитойга қарши норозилик намойиши ўтказди

Хитой харитасида Шинжон.

Австралиядаги уйғурлар жамоаси Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан норозилик митинги ўтказди.

Австралиядаги Шарқий Туркистон ассоциацияси томонидан 1 октябрда ўтказилган митингда Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар таъқиб қилинаётгани қораланди.

-Уйғур халқи энг кўп азоб тортаётган халқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳолатни биз 21-асрнинг энг фожиали ҳодисаси ёки 21-асрнинг холокости деб аташимиз мумкин, - деди митинг ташкилотчиларидан бири Нурмуҳаммад Мажид.

Шинжон- Уйғур мухториятидаги миллий озчиликларнинг тақиб қилиб келинаётгани, бир миллионга яқин мусулмоннинг “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётгани халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида қолаётган мавзулардан бири бўлмоқда.

Жумладан, Европа Кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) 30 сентябрь куни инсон ҳуқуқлари бўйича 2019 йилги Вацлав Ҳавел мукофотини уйғур ҳуқуқ фаоли Илҳом Тўхтийга топширганди.

49 ёшли Илҳом Тўхтий "сепаратизм"да айбланиб 2014 йилнинг сентябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

У талабалар олдида Хитой ҳукуматининг расмий сиёсатини танқид қилгани, уйғурлар ва миллий озчиликлар ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида гапиргани ортидан қамоққа олинган эди.