Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Навальнийнинг Коррупцияга қарши жамғармасини “хориж агенти” деб топди

Алексей Навальний

Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши жамғармасини (русча қисқартмаси ФБК) “хориж агенти” деб топди. Россияда 2012 йилда қабул қилинган “Хориж агенти” тўғрисидаги қонунни Ғарб давлатлари кескин қоралаб келади.

Алексей Навальний ўз фонди Россияда чуқур илдиз отган коррупцияни фош қилиб келаётгани учун расмийлар ундан қўрқишини айтиб, вазирликнинг қарорини рад этди.

Мухолифатчи Twitterда “Адлия вазирлиги ўз қарорини изоҳлаб, ФБК (Коррупцияга қарши жамғарма) хорижий манбалардан бирор тийин олганини кўрсатувчи далил келтиришини талаб қиламиз”, деб ёзди.

“Адлия вазирлигининг ҳаракатлари мутлақ ноқонуний ва, кўриниб турибдики, [президент Владимир] Путиннинг тўғридан-тўғри берган буйруқлари асосида амалга оширилди. ... Путин ФБКдан жуда қўрқади. Ахир, у ўғрилар, порахўрлар ҳамда коррупциячи расмийлар кучига таянади. Биз эса коррупцияни фош қиламиз. Нима бўлишидан қатъи назар, ишимизни тўхтатмаймиз”, дея сўзини давом эттирди Навальний.

Россияда “Хориж агенти” деб топилган ташкилотлар хориж давлатларидан молиялаштирилувчи ташкилотларга қўйилган талабларни бажариши керак бўлади. Улар орасида ташкилот қаердан маблағ олгани, уни қандай сарфлагани, ташкилот етакчилари ва мақсадлари ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб туриш каби мажбуриятлар бор.