Имрон Хон воситачи бўлиш учун Эрон ва Саудия Арабистонига сафар қилмоқчи

Покистон Бош вазири Имрон Хон Яқин Шарқ минтақасидаги кескин азалий рақибларни яраштириш учун 13 октябрда Теҳронга, сўнгра Саудия Арабистонига боради, дея хабар тарқатди Покистон Ташқи ишлар вазирлиги.

АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистонининг нефть иншоотларига 14 сентябрда уюштирилган ва кўп зарар етказган ҳужумдан сўнг Хондан иккита мусулмон мамлакати ўртасидаги тангликни юмшатишда воситачи бўлишни илтимос қилган эди.

Вашингтон, Риёд, шунингдек, араб давлатларининг бошқа ҳукуматлари Эронни ҳужум қилганликда айбламоқда, Теҳрон эса буни рад этмоқда.

Саудия Арабистони – стратегик ҳамкоримиз, Эрон эса – дўстимиз ва қўшнимиз, ‒ деган эди Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший жорий ҳафта бошида. ‒ Биз икки мусулмон мамлакати ўртасидаги тушунмовчиликларни музокаралар орқали бартараф этишга интиляпмиз.

У минтақада урушга йўл қўйиш керак эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили қайд этишича, Хоннинг ташаббуси “Покистон Бош вазирининг минтақада тинчликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларидир”.

Покистон Бош вазирининг сафари Эроннинг нефть танкерига ракета ҳужуми уюштирилгани ва буни расмий Теҳрон “қўрқоқларча ҳужум” деб атаганидан сўнг амалга ошмоқда.

Эрон ахборот воситалари хабарига кўра, “Собитий” танкерига 11 октябрда Қизил денгизда, Саудия Арабистони ҳудудидан ташқарида ҳужум қилинган. Ҳали мустақил равишда тасдиқланиши шарт бўлган нохуш ҳодиса Қизил денгиз ва Форс кўрфазида танкерларга қарши ҳужумларнинг сўнггисидир.

Бунинг Ямандаги урушда билвосита қатнашаётган минтақадаги рақиб мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштириб юбориши тахмин қилинмоқда.

Яман Қизил денгизнинг жанубий соҳилида жойлашган.