Тожикистон президенти Конституция қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан парламент қуйи палатасига “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун тақдим этди.
Бу ҳақда 16 октябрда Тожикистон президенти сайти хабар қилди.
Умумий ҳисобда 20 мингдан ортиқ гумондор, айбланувчи, судланувчи ва ҳукм қилинганлар амнистия қилиниши режалаштирилган. Жумладан, 3 мингдан ортиқ киши жазони ижро этишдан, 5 мингдан ортиқ киши эса озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутмаган бошқа жазолардан озод қилиниши кутилмоқда.
Қонун қабул қилинса, ҳукм қилинганларнинг кўпчилигига берилган жазо муддати камайтирилади. Қонун жиноят ишлари тергов идоралари, дастлабки тергов ёки судларда турган 2 мингдан ортиқ шахсга ҳам татбиқ этилади.
Бу гал таклиф қилинаётган қонун лойиҳасининг аввалгиларидан фарқи қамоқдан озод қилинадиганлар сони кўпайганида. Жумладан оғир жиноят содир этган аёллар, 70 ёшдан катта эркаклар (оғир жиноят содир этганлардан ташқари), 10 минг сомонидан ортиқ миқдорда пора берган ва пора олганлар, хорижий давлат фуқаролари тўлалигича жазодан озод қилинади.
«Шунингдек, жазо ҳозирча қўлланилмаган ёки кечиктирилган шахслар, ёки шартли равишда муддатдан аввал озод қилинганлар ёки жазони ижро этиш колонияларида муддатини ўтаётганлар ёки озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмаган жазони ўтаётганлар ҳам озод қилинади», - дейилади президент сайтида.
Мазкур Қонун биринчи бор оғир жиноят ва ўрта даражали жиноят содир этганларга, ёки эҳтиётсизлик туфайли жиноят қилганларга ҳам қўлланилади.
«Амнистия тўғрисида»ги қонун умрбод қамоққа ҳукм қилинганларга, ўлим жазосига ҳукм қилинган ва бу ҳукм умрбод қамоқ жазосига алмаштирганларга, амнистия тўғрисидаги аввалги қонун билан афв қилинган ва қайтадан жиноят қилганларга, шунингдек, жазони ўташ жойида жиноят қилганлар ва колониядан қамоқхонага ўтказилган маҳкумларга жорий этилмайди.
Мустақиллик йилларида Тожикистонда 15 марта амнистия эълон қилинган. Амнистия тўғрисидаги аввалги қонун 2016 йил августида Тожикистон мустақиллигининг 25-йиллиги муносабати билан эълон қилинган эди. Ўшанда 12 мингдан ортиқ киши амнистия қилинган, жумладан 3 мингдан зиёд маҳкум озодликка чиқарилган эди.