Алмазбек Атамбаевнинг маслаҳатчиси 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Икрамжан Илмиянов.

30 октябрда Бишкек шаҳар Октябрь туман суди Қирғизистон собиқ президентнинг маслаҳатчиси Икрамжан Илмияновни мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Икрамжан Илмияновни “Фирибгарлик” моддаси бўйича айбдор деб топган суд унга, шунингдек, 180 минг қирғиз сўми (2600 доллар) миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади.

Икрамжан Илмиянов собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ишончли одамларидан бири бўлган. У президент аппарати раҳбари ўринбосари ва президентнинг маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Бош прокуратура Илмияновга нисбатан 2018 йилнинг 28 сентябрида жиноят иши очган. Унга Жиноят кодексининг 204-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича айблов қўйилган. Тергов версиясига кўра, Илмиянов президент аппарати раҳбарининг ўринбосари бўлган кезларда тадбиркордан унинг Қирғизистондаги муаммоларини ечиб бериш учун 150 минг доллар олган.

МХДҚнинг маълумотига кўра, Илмиянов Россияда қўлга олинган ва 2018 йилнинг 19 октябрида Бишкекка келтирилган. Унинг ўзи 23 октябр кунги суд мажлисида айбини тан олмаслигини айтиб, унга қарши жиноят иши очилганини Россияда билиб қолиб, Бишкекка ўз ихтиёри билан келганини гапириб берди.