Мозамбикда россиялик ёлланма аскарлардан беш нафари ҳалок бўлди

Мозамбик шимолида радикал исломчилар билан жанг чоғида Россияга тегишли “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг беш жангчиси ҳалок бўлди.

Carta de Mocambique нашрининг ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса 27 октябрь куни Кабу-Делгаду вилоятида содир бўлган. Россиялик ёлланма аскарлар маҳаллий исломий жангарилар пистирмасига дуч келганлар. Отишма чоғида ҳукумат аскарларидан 20 киши, россияликлардан эса 5 киши ўлган. Мақтулларнинг бошлари таналаридан жудо этилган.

Жасадлар Муеда шаҳридаги касалхонага олиб келинган. Россия томони Африкада ўз ватандошлари ўлганига оид маълумотга ҳали муносабат билдирганича йўқ.

Мозамбик шимолида 2017 йилдан буён ҳукумат қўшинлари ва жиҳодчилар ўртасида жанглар давом этиб келмоқда. Россия ва Мозамбик ўртасида 2015 йили ҳарбий-техник ҳамкорлик ва 2016 йили эса ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузилган. Бироқ Россия расман у ёққа ўз ҳарбийлари йўллаган эмас.

Октябрь ойи бошида Carta de Mocambique жиҳодчиларнинг базага ҳужум қилиши оқибатида “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг бир жангчиси ўлдирилгани ҳақида хабар қилганди. Ўша пайтда бу ҳақда изоҳ берган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Мозамбикда россиялик ҳарбийлар йўқлигини билдирганди.