HRW туркман расмийларидан Гараевни озод қилишни талаб қилди

Қасимберди Гараев.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистонда гей Қасимберди Гараевнинг бедарак йўқолиб қолиши муносабати билан баёнот эълон қилди.

Баёнотда туркман расмийларидан Гараевнинг ҳибсда ёки эмаслиги сўралиб, агар ҳибсда бўлса, дарҳол озод қилиниши ва унинг қўлга олиниши юзасидан изоҳ берилиши талаб қилинади.

Жинсий озчилик вакили бўлган Гараев Озодлик радиоси туркман хизматида у ҳақда материал эълон қилинганидан кейин полиция идорасига чақирилган, шундан сўнг у билан алоқа узилган.

Human Rights Watch Қасимберди Гараев ташқи дунёдан узилган ҳолда сақланаётгани юзасидан ташвиш изҳор қилади.

Ташкилот вакили Рейчел Денберга кўра, Туркманистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятнинг абгорлиги, кишининг ихтиёрига зид равишда бедарак йўқолиб қолишига оид ҳолатлар кузатилаётгани боис Гараевнинг хавфсизлиги масаласида хавотирларга асос бор.