Минск Душанбега мухолифат фаолини топширишдан бош тортди

Фарҳод Одинаев.

Беларусь расмийлари мухолифатчи ва журналист, фаолияти тақиқланган ташкилотга аъзолик ва экстремизмни дастаклаганлик гумони билан қидирилаётган Фарҳод Одинаевни Тожикистонга топширмасликка қарор қилишди.

Human Constanta инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Беларусь бош прокуратураси тожик расмийларининг 42 ёшли Одинаевни экстрадиция қилиш тўғрисидаги илтимосини рад этган. Human Constanta вакиласи Наста Лойка тахминича, Одинаев Беларусга кириб келган мамлакат - Россияга қайтариб юборилиши мумкин.

Одинаев 25 сентябрь куни инсон ҳуқуқлари бўйича конференцияда қатнашиш учун Польша пойтахти Варшавага кетаётган пайтда Беларусь чегарачилари томонидан қўлга олинганди.

Human Constanta октябрь ойидаги баёнотида Одинаев Тожикистонга топширилган тақдирда қийноқ ва шафқатсиз муомалага дучор қилиниши мумкинлигидан хавотир изҳор қилган.

Россия ва Тожикистон ватандоши бўлган Одинаев илгари мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзоси бўлган.

Узоқ вақт нуфузли ташкилот ҳисобланган, вакиллари парламент ва ҳукуматда ишлаган ТИУП фаолияти 2015 йил кузида суд қарори билан Тожикистонда тақиқланган. Партия вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ТИУПга қўйилган айбловларни сиёсий уйдирма, деб ҳисоблайдилар.

Ўтган давр мобайнида ўнлаб раҳбар ва тарафдорлари жавобгарликка тортилган, уларнинг кўпчилиги қамалган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистонда ТИУП сафида бўлган одамларнинг таъқиб этилишини қоралаб келадилар.

Аввалроқ11 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Минскка Фарҳод Одинаевни Тожикистонга топширмаслик чақириғи билан мурожаат қилган.