Қозоғистонда давлат ходимларига тез орада иш жойида смартфонлардан фойдаланишга рухсат берилади. Бу ҳақда Рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирининг ўринбосари Аблайхан Ўспанов маълум қилди.
"Мендаги маълумотларга кўра, қарор ҳукуматда кўриб чиқилмоқда ва тез орада бундан хабар топамиз. Тегишли барча давлат идоралари билан келишилган, эндиликда қарор ҳукумат мажлисига олиб чиқилади”, деган Ўспанов бу иш ноябрь ойи ичида амалга ошишига умид билдирди.
Журналистлар билан мулоқот чоғида вазирлик расмийси давлат ходимларига чекловларсиз смартфонларни қайтариш топшириғи давлат раҳбари томонидан берилганини қўшимча қилган.
Қозоғистонда давлат хизматчиларига смартфонлардан фойдаланиш 2016 йил мартида тақиқланган эди. Шундан сўнг амалдорларга Интернетга кира оладиган ва фото-видеокамералари мавжуд мобил ускуналар ўрнига фақат қўнғироқ қила оладиган ва SMS-хабар жўната оладиган телефонлардан фойдаланишга рухсат берилди. Президент идораси изоҳига кўра, бу тақиқ хизмат маълумотларининг сизиб чиқиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилгани сабабли киритилган.
Шу муносабат билан Ўспанов давлат идорасининг ҳар бир ходими аввалда бўлгани каби бундан буён ҳам ишхонада оладиган маълумоти учун маъсул бўлиши ва унинг ёйинланиши учун “қонун олдида жавоб бериши” ҳақида огоҳлантирди.