Сербияда Россия фойдасига жосуслик воқеаси юзасидан текширув бошланди

Бош вазир Ана Брнабич.

Сербия ҳукумати Россия фойдасига жосуслик воқеаси юзасидан текширув ишларини бошлади.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Россия дипломати экани айтилаётган шахс Сербия хавфсизлик хизмати ходими сифатида кўрилаётган шахсга катта миқдорда пул бераётгани тўғрисидаги видео пайдо бўлган эди.

Бош вазир Ана Брнабич 20 ноябрь куни видеода пул бераётган одам Россия ҳарбий разведкаси агенти бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги шубҳалар Сербия ҳарбий разведкаси томонидан текширила бошланганини билдирди.

YouTube порталида 17 ноябрда пайдо бўлган мазкур видео “Россия разведкачисининг Сербиядаги жосус билан учрашуви” деб номланган.

Сербия хавфсизлик агентлиги таҳлил маркази раҳбари Реля Жельски «Видеодаги шахснинг Россия разведкачиси эканига шубҳа йўқ», деб айтди. Айни пайтда Жельски видеода юзи яхши кўрсатилмаган шахснинг ким эканини айтишни истамади.