Тожикистонда суюлтирилган газ нархи ошди. Шу кунда бир литр газ Душанбедаги АЁҚШларда 3,7 – 3,9 сомонийдан сотилмоқда. Ваҳоланки, бир ҳафта аввал ҳам газнинг бир литри 3,4 сомонийдан сотилаётганди.
Тожикистонда автотранспортларнинг 60 фоизидан кўпроғи ёқилғи сифатида суюлтирилган газдан фойдаланади.
Тожикистонга ёқилғи мойлаш материалларини етказиб берувчи ширкат юзага келган вазият юзасидан ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Тожикистон Аксилмонополия хизматининг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, идора мутахассислари суюлтирилган газ нархи ошиши сабабларини ўрганмоқда.
Тожикистонга газ ёқилғисини олиб келиш билан 30 дан ортиқ ширкат шуғулланади, улардан энг йириклари “Газпромнефть-Тожикистон” ва “Фароз”дир.
Душанбедаги АЁҚШ ходимлари нарх ошиши сабабларини айтишга қийналишди. Улардан бирига кўра, бунинг сабабини суюлтирилган газни экспорт қиладиган мамлакатлардан қидириш керак.
Икки ой муқаддам Тожикистон расмийлари ёқилғи олиб келинадиган Қозоғистонда нарх ошганига қарамай, суюлтирган газ импорт ҳажми ошганини билдирган эдилар. Сентябрь ойида суюлтирилган газ етказиб берувчи ширкатлар импорт ҳажмини 31,5 минг тоннагача оширгандилар.
Ўтган йили Тожикистон бозорига 350 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Ёқилғининг бу тури асосан Қозоғистондан олиб келинади, шунингдек, муайян қисми Россия, Туркманистон ва Қирғизистондан импорт қилинади.