Тожикистонликлар яқинларидан келган пул ўтказмаларини ололмаяпти

Тожикистондаги банклардан бирида навбат кутаётган одамлар.

Тожикистонда юзлаб одам Россиядан ўзига юборилган пул ўтказмаларини ололмаяпти. Шу кунда Душанбе ва бошқа шаҳарлардаги банклар олдида турнақатор навбатларни кўриш мумкин.

Маҳаллий аҳолига кўра, пул ўтказмалари “Золотая корона”, “Близко”, MoneyGram ва Western Union тўлов тизимлари орқали юборилган.

Тожикистонда 3 декабрдан бошлаб мамлакат Миллий банки қошида пул маблағларини ўтказиш бўйича Миллий процессинг маркази (МПМ) ишлай бошлади. Бу хориждан, шу жумладан, Россиядан келган пул ўтказмалари фақат МПМ орқали амалга оширилиши ва ТМБ уни назорат қилишини англатади. Миллий банк изоҳига кўра, шу тариқа расмийлар тўлов тизимлари орқали берилган пуллар қайтарилмаслигидан маҳаллий банклар ва аҳолини ҳимоя қилмоқчи.

Тожикистон Миллий банки томонидан куни кеча тарқатилган баёнотда 3 декабрдан бошлаб Тожикистонга ва Тожикистондан бошқа мамлакатларга пул ўтказмалари яқинда ташкил қилинган миллий ўтказмалар тизимига қўшилишга қарор қилган "Юнистрим", Western Union ва Contact тизимлари орқали амалга оширилиши билдирилган.

Бироқ сешанба куни Western Unionнинг Москвадаги ваколатхонаси Озодлик радиоси тожик хизматига “Тожикистон расмийларига боғлиқ” сабабларга кўра бу мамлакатга пул юборилиши тўхтатилганини маълум қилган. Муассаса бундан бошқа изоҳ беришдан тийилган.

3 декабрь куни Россия нашрлари Contact, Western Union ва "Близко" тўлов тизимлари Тожикистонга пул ўтказмаларини тўхтатгани ҳақида хабар тарқатганди.

Тожикистондаги йирик банклар аҳоли Western Union, Contact, "Золотая корона" ва MoneyGram тизимлари орқали юборилган пулларни ололмаётганини тасдиқлади. Айни дамда "Эсхата”, “Арванд”, “Спитаменбонк”, “Коммерцбанк” банклари ходимларига кўра, ҳозирда фақат "Юнистрим" тизими ишламоқда. Банклардан бирининг маълум қилишича, Contact тизими орқали юборилган пулларни ҳам олиш мумкин.

Россияда шу кунда 500 мингдан 1 миллионгача тожикистонлик ишлаётгани айтилади. Тожикистон Миллий банки илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўровларга кўра, мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғи учун хорижда ишлаётган яқинларидан келаётган пул асосий манба бўлиб ҳисобланади. 2019 йилнинг тўққиз ойида Тожикистонга меҳнат муҳожирларидан 2 миллиард 490 миллион доллардан кўпроқ пул келган.