RFE/RL: "Хориж агентлари тўғрисида”ги янги қонун Россиядаги журналистлар хавфсизлигига таҳдид солмоқда

Озодликнинг Москвадаги бюроси.

Россиянинг "Хориж агентлари тўғрисида”ги янги қонуни Озодлик радиоси ҳамда RFE/RL медиакорпорациясининг бошқа лойиҳалари билан ҳамкорлик қилаётган юзлаб журналистга нисбатан босимни кучайтиради. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флайнинг баёнотида айтилган.

Қонун мухбирлар фаолиятига қарши қаратилган ва уларнинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда, дея урғулайди Флай.

Озодлик радиоси Москвада ўз бюросига эга ва маҳаллий янгиликларни ёритиш учун Россиянинг турли минтақаларидаги мухбирлар билан ҳамкорлик қилади. Сўнгги йилларда Озодлик Россиянинг шимолий ва Сибирь вилоятларидаги ҳаёт ҳақида материалларни чоп этиш учун янги лойиҳалар - “Север.Реалии” ва “Сибирь.Реалии” сайтларини ишга туширган. Озодликнинг минтақалардаги мухбирлари давлат оммавий ахборот воситалари четлаб ўтадиган кўплаб муҳим муаммолар ҳақида хабар тарқатадилар, дейилади баёнотда.

“Янги қонун кўплаб журналистларнинг овозини ўчириш ва муштарийларнинг турли манбалардан ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга қаратилган ҳаракатдир”, дея қайд этади Флай.

Шу йилнинг 2 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин хориж агенти ўлароқ тан олиниши мумкин бўлган оммавий ахборот воситалари рўйхатини кенгайтиришга оид қонунни имзолади. Қонун “хориж агенти” бўлган оммавий ахборот воситалари материалларини тарқатаётган, уларни ёзаётган ҳамда хорижий ташкилот ва ширкатлардан пул ёки мол-мулк олаётган жисмоний шахслар ҳам “хориж агенти” дея эътироф этилиши мумкинлигини кўзда тутади. Озод Европа/Озодлик радиоси ўша пайтда ҳар қандай шароитда ҳам Россиядаги фаолиятини давом эттиришини билдирган.

Ноябрь ойи охирида 10 та халқаро журналистик ва инсон ҳуқуқлари ташкилоти (улар орасида Amnesty International, Human Rights Watch, Чегарасиз мухбирлар ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби нуфузли ташкилотлар бор) Россия расмийларини қонунга тузатиш киритиш ишидан воз кечишга чақирган.

Чет элдан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларини “хориж агенти” ўлароқ тан олишга оид қонун 2017 йил ноябрида қабул қилинганди. Россия Адлия вазирлиги ҳозирги пайтда “Америка овози” ҳамда Озод Европа/Озодлик радиоси медиакорпорациясига қарашли 9 таҳририятни “хориж агенти” рўйхатига қўшган.

Вазирлик реестрига кирган ташкилотлар ўз молиявий фаолияти тўғрисида вақти-вақти билан ҳисобот топшириши ҳамда ўз мақолаларида ўзларининг “хориж агенти” эканларини кўрсатишлари шарт. Бу талабни бузганларга катта миқдорда жарима солинади.