Жорий йилнинг 10 ойи ичида Қирғизистонда оиладаги зўравонлик бўйича 5185 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда гендерга оид зўравонликка қарши кампания доирасида ўтказилган тадбирлардан бирида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Алтинай Ўмурбекова маълум қилди.
“Эрта никоҳ, иш жойида жинсий шилқимлик, меҳнат ва сексуал эксплуатация мақсадида аёлларни сотиш ҳолатлари кўпайди. Хафа қиладиган жиҳатлардан яна бири шуки, “қиз ўғирлаш” қонунда жиноят ўлароқ кўрилганига қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам, аҳоли ҳам бу ҳолатга муросасозлик билан ёндашмоқда”, деди мулозима.
“Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси Қирғизистонда 25 ноябрь - Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун кураш куни бошланган бўлиб, 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари кунигача давом этиши кутилмоқда.