Борис Жонсон сайловдаги йирик ғалабадан сўнг ЕИдан тезда чиқиб кетишга ваъда берди

12 декабрь кунги сайлов натижалари Бош вазир Борис Жонсон ваколатлари кучайишига олиб келди.

Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши (Брекзит) учун курашаётган Консерваторлар партияси муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида йирик ғалабага эришди.

Бу ғалаба бош вазир Борис Жонсонга Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш тўғрисидаги ваъдасини бажариш учун кучли ваколат берди.

13 декабрь куни деярли барча овозлар саналиб бўлгач, Жонсон бошлиқ партия парламент қуйи палатасидаги 650 та ўриннинг 364 тасини эгаллагани маълум бўлди. Консерваторлар партиясининг ишончли ғалабасидан сўнг Жонсон, режалаштирилганидек, Британия 31 январда Европа Иттифоқи таркибидан чиқиб кетади, деб баëнот берди

‒ Мен бемаънигарчиликларнинг барчасига барҳам бераман ва биз Брекзитни ўз вақтида, яъни 31 декабрда амалга оширамиз, “агар”и ҳам, “лекин”и ҳам йўқ, ‒ деди у.

ЕИдан чиқиш масаласини қайта референдумга қўйишдан олдин унинг шартларини яна бир марта муҳокама қилишни ёқлаган Лейбористлар партияси сайловда фақат 203 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Бу партиянинг ваколати тугаётган парламентдаги ўринларидан 59 та камдир. Айни ҳол партия раҳбари Жереми Корбин истеъфога чиқиш ҳақида баёнот беришига олиб келди.

Европа Кенгашининг янги президенти Чарлз Мишель ЕИ Брекзит бўйича Британия парламенти тезроқ овоз бериши ва Лондон режаларига аниқлик киритишига умид қилаётганини айтди.

“Борис Жонсонни улкан ҒАЛАБА билан табриклайман! Британия билан Қўшма Штатлар БРЕКЗИТдан сўнг янги улкан савдо битимлари тузиши мумкин бўлади”, деб ёзди сайлов натижасига муносабат билдирган АҚШ президенти Трамп.