Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги можарода 9 киши тан жароҳати олди

Боткен вилояти, Мақсат қишлоғи. 2019, сентябрь.

Қирғиз-тожик давлат чегарасининг Боткен вилоятидаги участкасида 18 декабрда содир бўлган тўқнашувда Қирғизистоннинг 6 ва Тожикистоннинг 3 фуқароси тан жароҳати олди.

ҚР Давлат чегара хизмати матбуот хизматига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон хуқуқ-тартибот идоралари, вилоят маъмуриятлари раҳбарлари ва чегара идоралари вакиллари иштирокида музокаралар кетаётган бир вақтда «тожик томонидан номаълум шахслар Қирғизистон фуқароларига қарата тош ота бошлаган, бунга жавобан қирғиз томонидан тош отилиши оқибатида Тожикистон фуқароларига тегишли иккита автомашинанинг олд ойнаси синган».

ДЧХ маълумотига кўра, 20 дақиқадан кейин тожик томонидан ўқ отилган ва бунинг оқибатида ҚР ИИВ ички қўшинларининг ҳарбий хизматчиси жароҳат олган.

Музокаралар тўҳтатилди, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса жойига ДЧХ раисининг биринчи ўринбосари Абдикарим Алимбаев жўнаб кетди.

Тожикистоннинг Исфара шаҳри касалхонасидан олинган маълумотга кўра, 14 яшар Умеджон Сафаров, 23 яшар Асрорхон Асадзода ва 59 яшар Содиқбой Набиевлар яраланган.

Тожикистон расмийлари ҳодиса юзасидан ўзларининг версиясини ҳозирча билдирмади.

2019 йил бошидан бери Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 10 дан ортиқ можаро юз берди, шундан тўртта ҳодисада одамлар ҳалок бўлди. 16 сентябрь куни юз берган сўнгги ҳодисада тўрт киши вафот этди. Хукумат раҳбарлари даражасидаги музокаралар якунлари бўйича чегара муаммоларини бартараф этиш бўйича ишларни кучайтиришга келишиб олинди. Расмийларнинг маълумотларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги чегараларнинг 405 километри ҳозирча белгиланмаган.