Эронда Бўшеҳр АЭС яқинида зилзила содир бўлди

Эрон жанубида, Бўшеҳр атом электростанцияси (АЭС) яқинида 5,1 балл зилзила содир бўлди. Бу ҳақда 27 декабрь куни АҚШ ва Европа мутахассислари маълум қилди.

АҚШ Геология хизмати зилзилани қувватини ўртача деб баҳолади. Бундай зилзила жиддий зиён келтириши мумкин. Европа Ўртаер сейсмология маркази ҳам зилзила магнитудаси 5,1 балл бўлганини хабар қилди.

Зилзила эпицентри Бўшеҳрдан 53 км масофада бўлган.

Ноябрь ойида Эрон Бўшеҳрда янги иншоот қурилишини бошлаган эди. АЭСни кенгайтириш режаси рус муҳандислари ва урани ёрдамида амалга оширилмоқда.

Бўшеҳр АЭС 2011 йилда ўз ишини бошлаган бўлиб, уни БМТ қошидаги Атом энергияси бўйича халқаро агентлик назорат қилади.