АҚШ Ироқ ва Сурияда Эронга алоқадор ҳарбий гуруҳларга ҳаводан зарба берди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

29 декабрь куни АҚШ расмийлари Сурия ва Ироқда Эрон дастаклаб келаётган “Катоиб Ҳизбуллоҳ” шиа гуруҳига тегишли беш объектга ҳаводан ҳужум қилинганини маълум қилди.

Ироқ армиясидаги манбалар АҚШ амалга оширган уч ҳужумда 18 жангчи ҳалок бўлганини, 50 дан ошиғи жароҳат олганини билдирди.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер F-15 қирувчи учоқлари билан жангари гуруҳлар қурол-аслаҳа омборларига ҳужум қилганини айтди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео эса ҳужумларни тасдиқлар экан:

- Эрон Ислом Республикаси америкалик шахслар ҳаётига таҳдид солувчи чоралар кўришига йўл бермаймиз, — деди.

Помпео ҳужумлар ҳақида айни дамда Флорида штатида таътилини ўтказаётган президент Дональд Трампга ҳисобот берилганини қўшимча қилди.