Украина билан россияпараст айирмачилар маҳбусларни алмашишни якунлади

Украинага қайтарилган маҳбуслар.

29 декабрь куни Украина шарқида Киев кучлари билан Россия қўллаб келаётган айирмачилар ўртасида маҳбусларни алмашиш жараёни ўз якунига етди.

Алмашув Донецкдан 35 км шимолда жойлашган Майорск яқинидаги Горловка қишлоғида бўлиб ўтди.

“Ҳаммани ҳаммага” алмаштириш ғояси 9 декабрда Парижда бўлиб ўтган Украина, Россия, Франция ва Германия иштирокидаги “Нормандия тўртлиги” саммитида муҳокама қилинган эди.

Украинага қайтарилган маҳбусларни Киев аэропортида президент Володимир Зеленский ҳамда маҳбусларнинг яқинлари кутиб олди.

Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши маслаҳатчиси Серҳий Совоҳа Украина тарафи 127 кишини берганини, айирмачилар эса 76 кишини берганини айтди.

Хабарларга кўра, Украинага қайтарилган маҳбуслар орасида 12 нафар ҳарбий, 64 нафар оддий фуқаро, жумладан, Озодлик радиосининг икки журналисти бор.

Бу сафарги алмашув Украина шарқида 2014 йилдан бери амалга оширилган тўртинчи айирбошлаш бўлди.

Бундан олдинги алмашув чоғида Россия билан Украина жами 70 кишини айирбошлаган эди.