2019 йил илмий ютуқлари:Ойда ўстирилган пахта, қора туйнукнинг илк сурати, Ерга ўхшаш экзосайёра

Қора туйнукнинг илк сурати.

2019 йил илм-фан ва технология оламида йирик ютуқларга эришилди. Қуйида уларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.

Йил бошида тарихда биринчи марта Хитойнинг “Чанъэ-4” станцияси ойнинг орқа томонига қўндирилди. Бундан олдин Ер йўлдошининг орқа томонига инсоният бирор аппарат юбормаган эди. Январь ойида, шунингдек, “Чанъэ-4” станцияси бортидаги пахта уруғи ўсиб чиққанини ва ўсишда давом этаётганини эълон қилинди.

Йил давомида NASAнинг InSight робот Марсдаги зилзилаларни қайд этди. Бундай маълумот ёрдамида олимлар Қизил сайёра ҳақида кўпроқ билиб олишга умид боғлаган.

Февралда эса Япония фазо агентлигининг (JAXA) учирган Hayabusa2 станцияси олис Рюгу астероидига қисқа вақтга қўнишга муваффақ бўлди. Станция ҳаёт ҳамда Қуёш тизими келиб чиқиши ҳақида кўпроқ маълумот олиш мақсадида Ердан 300 миллион километр узоқликда жойлашган астероиддан намуна олиш учун учирилган эди. Июль ойида Hayabusa2 станцияси иккинчи марта айни астероидга муваффақиятли қўнди.

Сентябрь ойида Қуёш тизимидан ташқарида жойлашган Ерга ўхшаш сайёра атмосферасида илк маротаба сув борлиги аниқланганини эълон қилинди. Вазни Ерникидан саккиз марта оғир бўлган K2-18b экзосайёраси ўз юлдузлари атрофида ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган масофада айланади.

Апрель ойида эса халқаро илмий гуруҳ инсоният тарихида биринчи марта қора туйнук соясининг суратини эълон қилди. Олимларнинг айтишича, Event Horizon телескопи ёрдамида суратга олинган қора туйнук бизнинг оламдан ташқарида, ердан 50 миллион ёруғлик йили узоқлигидаги M87 галактикасида жойлашган.

Жорий йилда хусусий фазо ширкатлари ҳам ютуқларга эришди. Хусусан, март ойида Америкада жойлашган SpaceX ширкатининг Crew Dragon экипаж ташувчи капсуласи Халқаро фазо станциясига (ХФС) етиб борди. Crew Dragon Ердан учирилган илк тижорий фазо аппаратидир.

Йил давомида олимлар кишини ташвишга солувчи тадқиқот натижаларини ҳам эълон қилди. Янги тўпланган маълумотлар Гренландия ва Антарктида музликлари олдин ишонилгандан анча тезроқ суратда эриётганини кўрсатди.

Шунингдек, 2019 йилда олимлар ўсимлик ва жониворларнинг тўртдан бири йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканлиги ҳақида огоҳлантирди. Иқлим ўзгариши ва йўқ бўлиб бораётган жонзотлар ҳақидаги илмий мақолалар ортидан жаҳон бўйлаб иқлим ўзгаришига қарши чора кўриш талаби билан рекорд акциялар бўлиб ўтди.

Жорий йилда маълумот технологиялари соҳасида ҳам йирик ютуқларга эришилди. Октябрь ойида Google ширкати ҳозирги энг кучли суперкомпьютер 10 минг йилда бажарадиган операцияни 3 минутда бажара оладиган қвант компьютери қурилганини эълон қилди.