Конгрессдаги демократлар Оқ Уйнинг Сулаймонийга ҳужум бўйича билдирувидан қониқмади

Оқ Уй Конгрессга президент Доналд Трамп буйруғи билан уюштирилган дрон ҳужуми ҳақида расмий билдирув юборди.

Ўша ҳужум вақтида Эроннинг Ироққа сафар қилаётган ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилган эди.

Билдирув АҚШнинг 1973 йили қабул қилинган “Ҳарбий ваколатлар тўғрисида”ги қонунига кўра, 4 январда жўнатилди. Қонун талабига кўра, президент маъмурияти Конгрессни қуролли кучларни ҳарбий амалиётга жалб қилиш ёки келгуси ҳаракатлар ҳақида 48 соат ичида хабардор қилиши шарт.

Оқ Уй билдирувнинг таҳрир қилинган варианти эълон қилиниши ёки қилинмаслиги ҳақида зудлик билан изоҳ бермади, унинг тафсилотлари махфийлигича қолмоқда.

Аксарият республикачилар Трампнинг бу амалини мақтаётган бўлса, кўплаб қонун чиқарувчи демократлар президентни ҳужум борасида Конгресс розилигини олмагани ёки уни хабардор этмагани учун танқид қилди. Улар айни ҳужум Қўшма Штатларни Эрон билан урушга тортиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Демократларнинг Вакиллар палатасидаги етакчиси, спикер Нэнси Пелоси кейинчалик бу билдирув “жавобдан кўра кўпроқ саволлар туғдираётгани”ни айтди.

Трамп “урушни тўхтатиш” учун буйруқ бергани, Сулаймоний АҚШ ва иттифоқчилари манфаатларига “муқаррар ва мудҳиш” ҳужумларни режалаштираётган бўлганини даъво қилди.

62 яшар Сулаймоний Эроннинг қаттиққўл сиёсат тарафдори бўлган Ислом инқилоби соқчилари корпуси (ИИСК) чет элдаги бўлинмаси “Қудс” қўшини қўмондони эди.

Қўшма Штатлар “Қудс”ни чет эл террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритган.