Эрон Инқилобий гвардияси қўмондони: АҚШ қўллаётган ҳудудларга ўт қўямиз

Генерал Қосим Сулаймонийнинг дафн маросими Кермон шаҳрида бўлиб ўтди. 2020, 7 январь.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси қўмондони Вашингтон томонидан генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига жавобан АҚШ қўллаб келган ҳудудларга ўт қўйилишини айтиб, таҳдид солди.

7 январь куни генерал-майор Ҳусайн Саламий Кермонда Сулаймонийни дафн этиш маросимига тўпланган минглаб одам олдида қилган чиқишида:

- Биз ўч оламиз. Америкаликлар ёқтирган [ва қўллаб келаётган] жойларга ўт қўямиз, — деди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Унинг жасади туғилиб ўсган Кермон шаҳрига олиб кетилар экан, Эроннинг турли шаҳрида у билан видолашиш маросимлари бўлиб ўтди.

Пойтахт Теҳронда Сулаймоний билан видолашиш маросимида оятуллоҳ Али Хоманаий ва — Эрон ҳукумати маълумотига кўра — миллионлаб одам қатнашди.

Вашингтон Сулаймонийни Америка ҳарбийларини ўлдиришда ҳамда янги ҳужумларни режалаштиришда айблаб келади.