Қирғизистон Чегара хизмати: Тожикистон томонидан ўқ отиш тинди

Иллюстратив сурат.

Тожикистон томонидан ўқ отиш тўхтади, дея маълумот тарқатди Қирғизистон Чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.

Чегарачиларга кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни айни пайтда “таранг унсурларини ўз ичига олган ҳолда нисбатан барқарор” дея баҳолаш мумкин.

Чегара хизмати икки давлат чегарасидаги ўтказиш масканлари одатий тартибда ишлаётгани, Боткендаги чегара бўлинмалари эса кучайтирилган тартибда хизмат қилаётганларини қайд этади.

Маълумотларга кўра, 9 январдан 10 январга ўтар кечаси соат 00:40 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен тумани ҳудудига кирган Жака-Ўрук деган жойда номаълум шахслар Боткен шаҳрига йўл олган қирғизистонликнинг автомашинасини тошбўрон қилганлар. Кейин ҳужумчилар Тожикистон ҳудудига кириб кетганлар.

Шундан тақрибан бир соат кейин тожикистонликлар Кўчў-Қарин деган жойда Боткен шаҳридан Кўктош қишлоғига кетаётган бошқа бир қирғизистонликнинг автомобилини тошбўрон қилганлар. Ҳар иккала ҳолатда ҳам машиналарнинг ойналари синган ҳамда биринчи автомобиль ичида бўлганлар жабрланганлар.

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, соат 2:40 ларда Дахма деган жойда қирғизистонликнинг уйи тошбўрон қилинган. “Қирғизистонликнинг уйига йўл олган чегарачилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Тожикистон томонидан ов милтиғи воситасида ўққа тутилган”, дейилади Чегара хизмати хабарномасида.

Қирғиз чегарачилари иддаосича, ўқ фақат Тожикистон томонидан отилган ва бу ҳолат 10 январь соат 6 гача давом этган.

Кейинроқ Дахмадаги аҳоли хавфсизлик мақсадида уйларидан кўчирилиб, маҳаллий мактаб биносига жойлаштирилгани маълум бўлди.

Тожикистон томони ҳали ҳодиса юзасидан изоҳ берганича йўқ.