Қирғизистон билан Тожикистон чегара бўйича музокара ўтказади

Тожикистон ва Қирғизистон бош вазир ўринбосарларининг чегарага оид музокараси Исфарада бўлиб ўтади.

Исфара шаҳрида 14 январь куни Тожикистон ва Қирғизистон бош вазирлари ўринбосарлари Азим Иброҳим ва Жениш Разақов бошчилигидаги делегациялар иштирокида музокаралар ўтказилиши режаланган. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига Азим Иброҳим маълум қилган.

Музокаралар икки мамлакат чегараларида бир неча кун аввал яна кескинлашган вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган.

Бу галги таранглик 2020 йилнинг 9 январидан 10 январига ўтар кечаси бошланган бўлиб, ўша куни бу ерда яна ўқ овозлари эшитилди, чегара худудларида яшовчи аҳоли бир-бирларининг автомобилларини тошбўрон қилди. Ҳодисада ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда.

Азим Иброҳимга кўра, қирғизистонлик ҳамкасблар билан учрашувда энг аввало чегарадаги сўнгги можаро билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.

"Аввал айтганимдек, ҳар икки томон хуқуқбузарлик содир этганларни жавобгарликка тортиши керак”, деди А. Иброҳим. Унга кўра, “чегарадаги муаммолар билан боғлиқ масалалар аввал имзоланган баённомалар ва ҳар икки томоннинг манфаатлари эътиборга олинган ҳолда музокаралар орқали ҳал қилиниши керак”. Вазир ўринбосари “устувор вазифа келажакда шу каби ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймасликдан иборат”лигини таъкидлаган.

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати ҳам 13 январь куни чегарадаги вазият Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг Чегара хизмати, МХДҚ, ИИВ, ТИВ, Бош штаб ва Бош прокуратура раҳбарлари иштирокида ўтказган мажлисида муҳокама қилингани тўғрисида хабар қилган. Мажлисда Жээнбеков “ҳар икки томондан фитнага йўл қўймаслик мақсадида чегара можароларидан огоҳлантириш ва профилактика борасидаги барча ишлар тожик томони билан мустаҳкам ҳамкорлик асосида олиб борилиши керак”лигини урғулаган.

Исфарадаги учрашув чоғида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият, уни барқарорлаштириш мақсадида амалга ошириладиган ишлар, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари, чегара ҳодисаларидан огоҳлантириш борасида кўриладиган чоралар, шунингдек, тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация ишларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.