Тожикистонда бешта янги рус мактаби қурилади

Душанбедаги парламент биноси.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 15 январь куни Тожикистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида эришилган бешта рус тилли мактаб қуриш ва моддий-техник таъминлаш борасидаги шартномани ратификация қилди.

Чоршанба куни ҳужжатни парламент депутатларига тақдим қилган Тожикистон таълим ва фан вазирининг ўринбосари Раҳматулло Мирбобоев янги мактаблар Душанбе, Кўлоб, Хўжанд, Бохтар ва Турсунзода шаҳарларида қад ростлашини айтган.

Ҳар бир ўқув муассасида 1200 нафаргача бола таълим олиши мумкин. Вазир ўринбосарига кўра, янги мактаблар яқин уч йилда фойдаланишга топширилади.

Россия томонидан Тожикистонда бешта рус мактаби қуриш борасидаги шартнома 2019 йил апрелида Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокаралар якунида Москвада имзолаган эди.

“Мактаблар фойдаланишга топширилгач, бу таълим даргоҳларида Россия таълим стандартлари бўйича сабоқ берилади”, дейилади шартномада.