Қирғизистонда оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар учун кўмак марказлари очилади

Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳарларида яқин орада давлатга тегишли иккита кризис маркази очилади. Бу ҳақда 16 январь куни бош вазир ўринбосари Алтинай Ўмурбекова Хотин-қизлар ва гендер масалалари бўйича Миллий кенгаш мажлисида маълум қилди.

Ҳукумат матбуот хизматига кўра, Ўмурбекова эри томонидан ўлдирилган икки аёл қисматига тўхталиб, оилавий зўравонлик муаммосини бартараф этишга давлат институтлари ва жамият аралашиши лозимлигини таъкидлаган.

“Масаланинг долзарблигини эътиборга олган ҳолда, прокуратура идораларини оилавий зўравонликка оид ҳар бир фактни назоратга олишга чақираман, қонун ижроси назорат қилиниши лозим, ИИВ раҳбарияти мунтазам равишда шахсий таркиб билан оилавий зўравонлик фактига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан иш олиб бориши керак”, деди бош вазир ўринбосари.

Ўмурбековага кўра, Бишкек ва Ўш шаҳарларида давлатга қарашли иккита кризис маркази очилади, барча шаҳар ва қишлоқ ҳукуматларида оиладаги зўравонликларни бартараф этиш қўмиталари ташкил этилади. Бу маҳаллий ҳокимият идоралари, диний ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек маҳаллий ҳамжамиятнинг бошқа фаолларидан ташкил топган доимий фаолият юритувчи коллегиал орган бўлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда оилавий зўравонликлар қурбонлари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Агар 2012 йили оилавий зўравонлик бўйича 2415 та ҳодиса қайд қилинган бўлса, 2017 йили бу кўрсаткич 7114 тага, 2019 йилда эса 8159 тага етган.