Жанубий Қозоғистонда коронавирус ҳақида сохта хабар тарқатганлар ҳибсга олинди

Қозоғистон жанубидаги Қапшағай шаҳрида икки “Тез ëрдам” ҳайдовчиси коронавирус инфекцияси ҳақида сохта хабар тарқатганликда айбланиб¸ ҳибсга олинди.

Қозоғистон полицияси 30 январь куни расмий сайтида эълон қилган бу хабарда¸ ҳибсга олинганлар шахси очиқланмаган.

Қўлга олинганларга WhatsApp мессенжери орқали “қасддан сохта маълумот тарқатиш” айби қўйилган.

Полиция баëнотида ëзилишича¸ ҳибсга олинганлар 29 январь куни WhatsApp орқали Қапшағай касалхонасига икки одамнинг коронавирус симптомлари билан олиб келингани ҳақида хабар тарқатган; текширилганда¸ бу хабар сохта бўлиб чиққан.

Қозоғистон қонунчилиги сохта маълумот тарқатиш учун бир йилгача қамоқ жазоси беришни кўзда тутади.

Хитойда коронавирус инфекцияси тарқалиши ортидан Қозоғистон ҳукумати хитойликларга виза бериш ва Хитой билан борди-келдини вақтинча тўхтатиб қўйди.

Ҳозирча Қозоғистонда коронавирусга чалинган бирор одам расман рўйхатга олинмаган. Айни пайтда Хитойдан келган 35 нафар одам нафас йўллари инфекцияси ташхиси билан карантинга олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги¸ карантин қилинганлардан қўшимча лаборатория тестлари олинганини билдирди.