Қирғизистонда хитойликларнинг логистика маркази қуришига қарши митинглар давом этмоқда

"Отбоши" саноат-савдо-логистика маркази лойиҳаси.

Қирғизистоннинг Норин вилояти Отбоши туманида логистика маркази қурилишига қарши митинглар бўлиб ўтаяпти. Фаолларга кўра, айни дамда норозилик акциясида 500 га яқин киши иштирок этмоқда.

Аввалроқ норинликларнинг айримлари марказ учун ер Хитойга сотилгани, агар объект қурилгудек бўлса, Хитойдан ишчи оқиб келишидан хавотирга тушаётганларини айтишган эди.

Аммо ҳукумат ва хитойлик инвестор Лю Ин билан ҳамкорлик қилувчи тадбиркор Эмилбек Абдиқадиров ташвишланишга ҳожат йўқлигини айтишмоқда: участка “Норин” эркин иқтисодий ҳудудидан 49 йил муддатга ижарага олинган, янги марказдаги асосий ишчилар маҳаллий аҳоли вакиллари бўлади.

Бош вазир Муҳаммедқалий Абилғазиев парламентнинг 5 февраль кунги мажлисида “Отбоши тумани аҳолиси мазкур логистика мажмуасининг очилишини хоҳлаётгани, атиги 20-30 кишигина бу масалани лойқалаётгани”ни билдирган. Унинг таъкидлашича, инвестор бу лойиҳа учун 280 миллион доллар сарфлайди ва 15 мингта иш ўрни яратади.

Отбошида хитойлик инвесторларга қарши митинглар бошлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.