Ашхобод мактабларида уяли телефондан фойдаланган ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилаяпти.
Озодлик туркман хизматининг Ашхободдаги мухбирларига кўра, сўнгги ҳафталарда пойтахтдаги иккита мактабда ўқувчиларнинг уяли телефондан фойдалангани аниқланиб, олиб қўйилган.
Мухбирнинг хабар қилишича, ўқитувчилар аввалига ўқувчиларни мактаб директорининг хонасига олиб боришади, директор чақируви бўйича етиб келган полиция ходимлари ўқувчиларни бўлимга олиб кетишади.
Полиция бўлимида ўқувчилардан бундан буён мактабда уяли телефон ишлатмаслик борасида тилхат олинади, аммо олиб қўйилган телефонлар уларга қайтарилмайди. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилади.
“Бўлимга ота-оналар чақирилади ва улардан 100 манат (расмий курс бўйича тақрибан 28,5 доллар - таҳр.) миқдорида жарима тўлаш талаб қилинади. Жарима "Халқбанк" бўлимида тўланади, 100 манатдан ташқари банк хизмат учун1 манат олиб қолади. Тўланганлик ҳақидаги квитанция зудлик билан полиция бўлимига олиб келиниши керак. Шундан кейингина олиб қўйилган телефонлар ота-оналарга қайтарилади”, дея хабар қилади Ашхободдаги мухбиримиз.
Озодликнинг туркман хизмати мамлакат Таълим вазирлигидан бу борада расмий изоҳ ололмаган.
Январь ойи ўрталарида мактабларга уяли телефон олиб келиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш аввалига пойтахт Ашхободда жорий қилинган, сўнгра бу каби чекловлар Балкан, Лебап ва Дашўғиз вилоятларига ёйилган. Чекловга уяли телефоннинг бола тарбиясига салбий таъсири сабаб ўлароқ келтирилган.