СССРнинг сўнгги маршали Дмитрий Язов 96 ëшида вафот этди

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маршал Язовга Россиянинг энг олий орденларидан бирини тақмоқда.4 февраль¸ 2020 йил

СССР Мудофаа вазири¸ совет иттифоқининг сўнгги маршали Дмитрий Язов 96 ëшида Москвада вафот этди.

Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Иккинчи жаҳон урушига кўнгилли аскар бўлиб кетган Язов¸ СССР ҳарбий академиясини тугатганидан сўнг¸ совет иттифоқининг Куба ва Чехословакиядаги ҳарбий амалиëтларида қатнашган.

1987 йили СССР Мудофаа вазири этиб тайинланган Язов¸ совет иттифоқи маршали унвони берилган сўнгги шахсдир.

80-йиллар охирида КПСС томонидан ўз суверенитетини талаб қилган республикалар аҳолисига қарши куч қўллаш ваколати берилган Язов¸ Литва мустақиллигидан сўнг ҳарбий жиноятларда айбланиб¸ сиртдан 10 йиллик қамоққа ҳукм этилган.

Язов 1991 йил августида Михаил Горбачëвни ҳокимиятдан ағдаришга уринган ГКЧП аъзоси бўлган. Горбачëв билан музокарага борган пайтида ҳибсга олинган Язов¸ кўп ўтмай ундан телевидение орқали узр сўраган.

Аммо кейинчалик ëзган хотираларида бу кечиримни босим остида сўрагани ва 1991 йилги воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш деб баҳоламаслигини айтган.

1994 йилда Язов амнистия қилиниб¸ Россия Мудофаа вазирлигида турли маслаҳатчилик лавозимларида ишлаган. Вафотидан 20 кун аввал Путин томонидан олий даражали ватан олдидаги хизматлари учун Ордени билан тақдирланган.